Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда ҳамма раҳбарлар ҳам эҳтиёжманд аҳолини ишли қилиб, даромадини кўпайтириш, уларга манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади. 184 нафари ушбу оилалар хонадонига бирор марта ҳам бормаган.
Ногиронлиги бор шахслар бандлиги даражаси республикада 20 фоизга етгани билан, бу ишлар Жалақудуқ, Чимбой, Пастдарғом, Чортоқ ва Денов туманларида қониқарсиз.
Мутасаддиларга ушбу туманларни намунали қилиш, ҳар бир масъулга аниқ вазифа белгилаш топширилди.
Шунингдек, келгуси йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмагани танқид қилинди.
Ушбу вилоят, туман ҳокимларига хатоларни тўғрилаш топширилди.
Вилоят ҳокимлари бу йил биттадан намунавий кўча қилиб, ногиронлиги борлар учун қулай шароит яратиши керак эди.
Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида бу борадаги ишлар бошланган, қолган вилоятлар лойиҳа ҳам қилмагани, маблағ ҳам бермагани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга бу ишларни икки ойда якунлаб, келгуси йил ҳар бир туманда яна биттадан кўчада қилиш вазифаси қўйилди.
Бош прокурор ўринбосари И.Адҳамовга бу борада ўзгариш қилмаганларга қатъий чора кўриш топширилди.