Туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги туристик лойиҳалар билан яқиндан танишишди. Уларга Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев ҳамкорлик қилишди.
Маълум бўлишича, 10 декабр кунидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари, туман (шаҳар) секторлари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар бошланган бўлиб, тадбир давлат раҳбарининг 2024 йил 18-20 ноябр кунлари Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида сўзлаган нутқларида, шунингдек, 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши муносабати билан раҳбарлар олдида турган вазифаларни чуқур ўрганишга йўналтирилган.
Бўстонлиқда туризмни ривожлантиришга доир ўтган амалий семинар машғулотида А.Абдуҳакимов ва У.Шадиев экотуризмни ривожлантириш ҳамда замонавий дам олиш масканларини ташкил этишга оид маълумотлар билан ўртоқлашиб, семинар иштирокчиларига туман туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик маҳсулотларини ишга тушириш ва замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан таништиришди.
Ҳокимлар тумандаги “Ugam River”, “Чорвоқ дарвозаси” туристик мажмуалари, “Чиноркент” дор йўли ҳамда “Капсула” уйларда бўлиб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал давлат раҳбари ушбу масканлар билан танишган эди.