Тошкент аэропортида китоб дўкони, юк сақлаш хонаси ва янги кафе ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ахборот хизмати хабар берди.
Kомпания Тошкент халқаро аеропортининг учиб кетиш ва учиб келиш заллари, шунингдек, терминалолди ҳудудида жойлашган майдонларни ижарага бериш учун E-auksion.uz электрон платформасига тегишли лотларни жойлаштирди.
Қайд этилишича, тез кунларда пойтахт аэропортининг маҳаллий авиақатновлар терминалида китоб дўкони ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу дўкон учун 20 квадрат метр майдон аукционга қўйилади. Лотнинг йиллик бошланғич қиймати 48 миллион сўм этиб белгиланди.
Халқаро авиақатновлар терминалининг учиб кетиш залида автоматлаштирилган юкларни сақлаш жойини ташкил этиш учун 8 квадрат метр майдон аукционга жойлаштирилган. Лотнинг бошланғич баҳоси — йилига 144 миллион сўм.
Шунингдек, учиб кетиш залининг шаҳарга қараган террасасида янги кафе ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу кафе майдони 50 квадрат метрни ташкил этади ва унинг бошланғич баҳоси йилига 300 миллион сўм этиб белгиланган.
Халқаро авиақатновлар терминалининг учиб келиш залида маҳаллий уяли алоқа операторларининг SIM-карталарини сотиш шохобчасини ташкил этиш учун ҳам 5 кв.м майдон кимошди савдосига қўйилди. Лотнинг дастлабки қиймати — йилига 90 миллион сўмни ташкил этади.
Шунингдек, терминалолди ҳудудида банкоматлар учун бошланғич қиймати йилига 36 миллион сўм бўлган 6 квадрат метр жой ва ҳар бири 14 квадрат метр бўлган «food track» шаклидаги иккита умумий овқатланиш шохобчаси учун лотлар жойланган. Умумий овқатланиш шохобчаларининг ҳар бири учун йиллик бошланғич қиймат — 100,8 миллион сўм этиб белгиланган.
Бундан ташқари, E-auksion.uz электрон платформасида аэропортнинг асосий ҳудудида перронга чиқиш имкониятига эга майдонларни ижарага бериш учун лотлар жойлаштирилган. Жумладан, ҳар бирининг майдони 40 кв.м, бошланғич баҳоси йилига 192 миллион сўм этиб белгиланган авиакомпания офисларини жойлаштириш учун майдонлар мавжуд.
Ушбу аукционлар 2025 йил 6 январь куни E-auksion.uz электрон платформасида бўлиб ўтади.
Аукционда иштирок этувчи компаниялар техник шартларга мос келишлари шарт. Ҳар бир лот бўйича ижарачиларга қўйиладиган талаблар ва бошланғич нархлар E-auksion веб-сайтида мавжуд. Кимошди савдоси қоидаларига кўра, дастлабки йиллик суммалар ким ошди савдоси пайтида камида 10 фоизга ошиши мумкин.