Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Россиянинг Волгабўйи федерал округидаги Мордовия жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган вояга етмаган ўзбек болаларини Ватанга қайтариш жараёнларини муваффақиятли якунлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош консулхона дипломатлари томонидан олиб борилган мақсадли музокаралар самараси ўлароқ, ўзбекистонлик болаларни Мордовиядаги жазони ижро этиш муассасаси ҳудудида жойлашган Болалар уйидан олиш бўйича келишувга эришилди.
Вояга етмаган юртдошларимиз дипломатлар, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва мамлакатимиз тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида қабул қилиб олинди.
Таъкидлаш керакки, Россиядаги жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган Болалар уйидан ўзбекистонлик ёш болаларни репатриация қилиш тадбири амалиётда биринчи марта амалга оширилди.