Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ТТЙ ходими калтаклангани акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон республикаси ССВ Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Амударё тумани ТТЙБ га соат 19:40 да ушбу туманнинг "Қиличбой" МФЙда яшовчи 1997 йилда туғилган К.Р. исмли фуқаро бўйича чақирув келиб тушган.
Чақирувга асосан, шифокор С.П., фельдшер Б.Ж., ҳайдовчи М.Ҳ. 8 дақиқа 30 сонияда, яъни соат 19:48 да манзилга етиб борган.
ТТЙ ходимлари беморни текширувдан ўтказиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатган. Шу вақтда бемор қайнотасига хонадан чиқиб туришни илтимос қилганида, унинг қайнотаси маст ҳолатда (спиртли ичимлик ичган) бўлиб, хонадан агрессив ҳолатда чиқиб кетган.
Ходимлар беморга керакли ёрдамни кўрсатиб ташқарига чиқаётган пайтда, беморнинг қайнотаси шифокор ва фельдшерга ҳужум қилиб, танасининг юзи ва бўйнига енгил тан жароҳати етказган. Шунингдек, уларни таҳқирлаб, ҳақоратли сўзларни айтган.
Мазкур ҳолат юзасидан ТТЙ ходимларига тажовуз қилган шахс ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган.
"Тан жароҳати олган ТТЙ ходимлари Амударё туман тиббиёт бирлашмасининг травматология пунктида шифокор кўригидан ўтказилган",- дейилади хабарда.