Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан икки давлатни бирлаштириш масаласини ҳеч қачон муҳокама қилмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Минск ва Москва "сайёрамизда мавжуд бўлмаган ноёб иттифоқни" яратган.
"Орамизда бир давлатга бирлашиш ёки бир-биримизни қўшиб олиш ҳақида ҳеч қандай суҳбат бўлмаган"— деди Лукашенко мамлакат президентлигига сайловларда овоз беришдан кейинги матбуот анжуманида.
Унинг таъкидлашича, Россия ва Беларусь келгусида қандай ҳамкорлик қилиш ва бирга мавжуд бўлиш масалаларини муҳокама қилмоқда. Лукашенко икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳамма нарса осон кечмаётганини, аммо муаммоларни енгиб, олдинга силжишни давом эттираётганини қўшимча қилди.
Шунингдек, у Москва ва Минск собиқ совет республикалари ҳавас қиладиган иттифоқни қуришини ваъда қилди.
Беларусда президент сайловлари олдидан Россия ва Беларусь ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Максим Риженков телефон орқали суҳбатлашиб, икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган ва барча масалалар бўйича ишчи алоқаларни сақлаб қолишга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, Александр Лукашенко Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларида 86%дан ортиқ овоз тўплади.
Абдуллоҳ Саййид