Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида бўлиб ўтган Кумбҳа Мела диний фестивалидаги тиқилинч оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Дунёдаги энг йирик фестивалда 400 миллион киши иштирок этиши кутилганди. Тиқилинч оқибатида 60 киши жароҳатланган. Фестивалнинг асосий маросими — сувда чўмилиш бўлиб, бу нафақат танани, балки руҳни ҳам гуноҳлардан поклайди деб ишонилади.
Зиёратчилар Ганг дарёсига киришда навбатларини кутиб ўтирган, тўсатдан тартибсизлик ва тирбандлик юзага келган. Оломон дарё қирғоғига қараб йўл олган, одамлар йиқила бошлаган. Фалокатга қарамай, фестивал давом этган.
Ҳиндистондаги Ганга ва Ямуна дарёлари қўшилиш жойида ҳар 12 йилда бир марта ўтказиладиган ҳиндуийлар фестивали миллионлаб одамларни жалб қилади. Бу эса кўпинча оммавий тиқилинч ҳолатларини келтириб чиқаради.
13 январь куни фестивал бошланганидан буён унда 110 минг киши иштирок этди ва фестивалнинг 45 кунида ташриф буюрувчиларнинг умумий сони 450 миллионни ташкил этиши кутилмоқда. Фестивал 40 квадрат километр майдонда ўтказилади, хавфсизликни 40 мингга яқин полиция қўриқлайди.