Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йили бошида умумий ўрта таълим ташкилотларида 577,7 минг нафар ўқитувчи фаолият юритган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур кўрсаткич 2024/2025 ўқув йилига нисбатан 12,8 минг нафарга ёки 2,3 фоизга ошган.
Ўқитувчиларнинг 72,5 фоизини, яъни 418,8 минг нафарини аёллар ташкил этган. Эркак ўқитувчилар сони эса 158,9 минг нафар ёки 27,5 фоизга тенг.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ўқитувчи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган — 65,1 минг нафардан. Фарғона вилоятида 60,6 минг, Сурхондарёда 52,3 минг, Андижонда 46,3 минг нафар ўқитувчи фаолият юритган.
Шунингдек, Наманган вилоятида 42,6 минг, Қорақалпоғистон Республикасида 40,7 минг, Тошкент вилоятида 40,2 минг, Хоразм вилоятида 35,1 минг, Тошкент шаҳрида 34,1 минг, Бухоро вилоятида 33,4 минг, Жиззах вилоятида 25,7 минг, Навоий вилоятида 22,3 минг ҳамда Сирдарё вилоятида 14,2 минг нафар ўқитувчи ишлаган.
Маълумотлар ўриндош ўқитувчиларни ҳисобга олмаган ҳолда келтирилган.






