АсосийДунё

Россиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилмоқда

Россияда “назорат қилинадиган шахслар реестри” ишга тушди.

'Россиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилмоқда'ning rasmi

 5 февралдан бошлаб Россия ҳудудида ИИВ томонидан юритиладиган «назорат қилинадиган шахслар реестри» фаолият кўрсатишни бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича реестрга миграция қонунчилиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган чет эл фуқаролари киритилган. Мазкур меъёрий ҳужжатга мувофиқ, реестрга киритилган чет эл фуқаролари Россиядан чиқиб кетишлари ёки 2025 йил 1 январдан 30 апрелгача бўлган даврда ўзларининг ҳуқуқий мақомларини ҳал қилиш учун ўзлари истиқомат қилиб турган жойдаги Россия ИИВнинг ҳудудий органига ёки «ПВС» (паспортно-визовий сервис) федерал давлат унитар корхонасининг филиалига мурожаат қилишлари шарт.

Шунингдек, Москва шаҳрида жойлашган чет элликлар учун «Сахарово» кўп функцияли миграция марказига мурожаат қилишлари талаб этилади.

Маълум қилинишича, «Амнистия» даврида ушбу фармонга биноан, чет эл фуқароларига нисбатан Россия ҳудудидан чиқариб юбориш, махсус сақлаш муассасаларга жойлаштириш ва кейинчалик Россия ҳудудига киришни чеклаш билан боғлиқ чоралар қўлланилмаслиги таъкидланмоқда.

Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилган чет эл фуқароларига қуйидагилар тақиқланади:

  • кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш;
  • никоҳ тузиш;
  • юридик ташкилот ёки фирмаларни ташкил этиш ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;
  • банк ҳисоб рақамларини очиш ва банк операцияларини бажариш;
  • транспорт воситаларини бошқариш.

Россия ҳудудида ноқонуний юрган вояга етмаган чет эл фуқароларни таълим муассасалари (мактаблар ва болалар боғчалари)га қабул қилиш ҳам мумкин бўлмайди.

Элчихона Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлган Ўзбекистон фуқароларини салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида, уларни ҳуқуқий ҳолатини зудлик билан ҳал этиш чораларини кўришга чақиради.

    Бошқа янгиликлар