Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги диний идораларда молиявий камомад кузатилгани ва маблағлар ўзлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мусулмонлар идораси ушбу хабарда ҳақиқатга тўғри келмайдиган бир қатор иддаолар қилинганлигини маълум қилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз Устав талабларига кўра, ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, ҳеч қандай тижорий фаолият билан шуғулланмайди. Диний идоранинг сарф-харажатлари масжидлар, зиёратгоҳлар ва турли хайрия ишларидан тушган эҳсонлар ҳисобидан қопланади.
Мазкур йиғилган маблағлар тасдиқланган смета асосида сарфланади ва молиявий айланмалар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъати, Тафтиш комиссияси, адлия органлари ва солиқ идоралари томонидан доимий назорат қилиб борилади. Хусусан, 2024 йилнинг 1-12 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутахассислари, солиқ идоралари ходимлари томонидан Диний идорада қонунчилик ҳужжатлари бажарилиши ва молиявий фаолиятларнинг қонунийлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишлар якуни бўйича Адлия вазирлигининг тақдимномасида Диний идорада молиявий камомад ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Бундан ташқари, Тафтиш комиссияси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021-2024 йиллардаги молиявий фаолиятини батафсил текшириб, мазкур жараёнлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ экани тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъатига ҳисобот берган.