АсосийДунё

Россияда 200 йил аввал ўлдирилган буюк адиб иши бўйича тергов бошланди

Россияда 200 йил аввал ўлдирилган Лермонтов иши бўйича тергов бошланди.

'Россияда 200 йил аввал ўлдирилган буюк адиб иши бўйича тергов бошланди'ning rasmi

Россия Тергов қўмитаси буюк рус адиби Михаил Лермонтовнинг ўлдирилиши бўйича терговни бошлади, деб маълум қилди "РИA Новости" агентлигига Россия халқ артисти ва Давлат думаси депутати Николай Бурляев.

"Тергов қўмитаси сўровимизга ижобий жавоб берди <…> терговга жиддий ҳамкорликда тайёргарлик бошланди", деган депутат. Кейинроқ Тергов қўмитаси бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Январ ойи охирида Бурляев Тергов қўмитасига тегишли ариза билан мурожаат қилганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, кўп йиллар давомида Лермонтов олимлари, суд-тиббиёт, баллистика ва тиббиёт соҳаларидаги мутахассислар 1841 йилда Лермонтов ўлдирилганидан кейин дарҳол ўтказилган терговнинг адолатсиз ва нохолис кечгани ҳақида баёнот беришди.

Маълумот учун, Михаил Лермонтов 1814 йилда туғилган. У 1841 йил 27 июлда (эски тақвим бўйича 15 июлда) Машук тоғи этагида бўлиб ўтган дуэлда, 26 ёшида вафот этган. Адиб Пятигорск шаҳрида 25 ёшли истеъфодаги майор Николай Мартинов билан урушиб қолган. Дуэлда улар тўппончадан отишган. Лермонтов ҳавога ўқ узган. Мартинов шоирнинг кўксини мўлжаллаб отиб, ўлдирган.

Бу Лермонтовнинг иккинчи дуэли бўлган. Бир йил аввал, 1840 йилда ҳам адиб тантанали бал - рақс маросимида Франция элчисининг ўғли билан уришиб қолиб, дуэлга чиқишган. Отишмада иккови ҳам тирик қолган.

Ёзувчи, шоир, рассом ва ҳарбий зобит Михаил Лермонтов Россия империясининг Кавказдаги истилочилик урушларида қатнашган. “Замонамиз қаҳрамони”, “Бэла”, “Қочоқ”, “Мцири” ва “Бородино” каби адабий асарлари билан машҳур. 

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар