Россия Федерациясида ота-она қаровисиз қолган яна икки нафар вояга етмаган ватандошимиз Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳридаги Вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш маркази ходимлари кўмагида Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, олиб келинган болаларнинг бири, ота-онасининг ишончномаси асосида РФ га кетган.
Иккинчиси эса, 2023 йилдан бери меҳнат миграциясида эканлиги, 9-синф ўқувчиси бўлганидаёқ опасининг турмуш ўртоғи билан Москвага бориб, дастлаб фаррош, кейинчалик эса қаҳвахонада идиш-товоқ ювувчи сифатида ишлаб юрган.
Иккала фуқаро ҳам полиция томонидан ўтказилган рейд давомида Вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш марказига юборилган.
Шу ўринда: Ўзбекистон ҳудудидан болаларни кузатиб бориш учун берилган ишончнома бошқа давлат ҳудудида боланинг қонуний вакили бўлиш ҳуқуқини бермаслигини эслатиб ўтамиз.
Маълумот учун: Бугунги кунга қадар 9 нафар вояга етмаган бола ватанга қайтарилди. Март ойида Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилмоқда ва келгусида оилавий муҳитга қайтариш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.