Италия музейлари вакиллари ва коллекционерлари Ўзбекистон маданий меросини оммалаштириш ғоясини қўллаб-қувватлаб, Ислом цивилизацияси маркази очилиши муносабати билан халқаро кўргазма ўтказиш ташаббусига ижобий муносабат билдирди.
Асрлар давомида Ўзбекистон маданий меросига оид намуналар дунё бўйлаб тарқалиб, энг йирик музей ва шахсий коллекцияларнинг дурдоналарига айланди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортидан ушбу ёдгорликлар илк бор Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилади.
"Таъкидлаш жоизки, Тошкентда намойиш этиладиган Италия кўргазмаларида ўзбек артефактлари тўпламлари "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" мультимедиа лойиҳасининг 35-жилдида нашр этилган. Саккиз йилдан буён давлат ва ижтимоий бизнес сектори кўмагида хорижда сақланаётган ўзбек ёдгорликлари ҳақида китоб-альбомлар нашр этиб келинмоқда. Бугунги кунда бу китоб-альбомлар 80 жилдга етди. Италия кутубхоналари, музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон артефактлари китоб-альбомида Абу Али ибн Синонинг иброний тилига таржима қилинган ноёб қўлёзмаси сақланаётган Болонья университети кутубхонаси, Жузеппе Туччи номидаги Рим миллий Шарқ санъати музейи, Турин Осиё санъати музейи, Стибберт музейи, Миландаги Mudec маданият музейи, Комода жойлашган Антонио Ратти жамғармаси ва тўқимачилик музейи, Милан коллекционерлари Алберто ва Анна Левиларнинг шахсий коллекцияси каби маданият муассасалари ҳақида маълумот берилган," — дейди лойиҳанинг илмий координатори Элмира Гул.
Тошкентда намойиш этиладиган экспонатлар орасида эпиграфик ёзувларга эга машҳур Афросиёб кулолчилик буюмлари, хусусий коллекциялардан Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ноёб ўрта аср металл буюмлари, шу жумладан, Қорахоний ҳукмдорларининг афсонавий косаси, шунингдек, ХIХ-XX аср бошларидаги ўзбек тўқимачилигининг ажойиб асарлари ўрин олган бўлиб, улар ўзининг нафислиги ва бетакрорлиги билан ҳайратга солади.
Туриндаги Осиё санъати музейи директори Давид Квадрио кўргазмадаги иштироки ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
"Биз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу марказнинг очилиши муносабати билан ўтказиладиган кўргазмада иштирок этишдан жуда мамнунмиз. Ишончим комилки, музейимиздаги экспонатлар экспозициянинг ажойиб безаги бўлади."
Тошкентдаги кўргазмада кўриш мумкин бўлган бошқа ёдгорликлар орасида Aron Collection ислом санъати хусусий тўпламидаги ноёб металл намуналари ҳам мавжуд. Арон жамғармаси вакили Вероника Престини халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида шундай деди:
"Ўзбекистон каби бой ва узоқ тарихга эгамамлакат билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шараф. Бизнинг тўпламимиз Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ўрта асрларга оид нодир буюмларидан иборат. Тўпламдаги дурдоналардан бири - Қорахоний ҳукмдорларининг ўймакорлик ишлари билан безатилган косаси. Шунингдек, Сомонийлар даври сопол буюмлари намуналари ҳам мавжуд. 2023 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг VII конгрессида иштирок этдим ва ўшанда Туриндаги Шарқ санъати музейида намойиш этилаётган ушбу буюмларнинг айрим фотосуратларини кўрсатиш имкониятига эга бўлдим. Конгрессда иштирок этиш олимлик фаолиятим ва илмий ишларим учун катта тажриба тўплаш имконини берди. Президент Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамкорликка, жумладан, илм-фан ва маърифат соҳасига нақадар катта эътибор қаратаётганига гувоҳ бўлдим. Ислом цивилизацияси маркази очилиши муносабати билан ушбу дурдоналарни Ўзбекистонга олиб келиб, Марказ очилиши шарафига ташкил этиладиган кўргазмада намойиш этишдан мамнун бўламиз. Бундай кўргазма ғоясининг ўзи менда илиқ таассурот уйғотди."
Ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг ноёб тўпламига эга бўлган Антонио Ратти жамғармаси ҳам мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади. Унинг вакили Маддалена Террагни қуйидагича фикрларни айтди:
"Ушбу кўргазма ўзбек ипак матосининг улуғворлиги, нақшинкорлиги, ранглари, нафислигини дунёга намойиш этиш учун ажойиб имкониятдир. Тўпламдаги санъат асарлари экспозициясини уларнинг тарихий ватанида ташкил этиш биз учун катта шараф."
Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган кўргазма нафақат мамлакат илмий меросининг бетакрорлигини очиб беради, балки илм-фан, санъат ва музей иши соҳасидаги ҳамкорлик учун янги уфқларни ҳам очади.
"Италиядаги ҳамкасбларимиз ва дўстларимизга бундай муҳим тадбирда иштирок этиш қарорлари учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Шу пайтгача Ўзбекистон маданий мероси ҳақидаги маълумотларни расмли китоб-альбом шаклида нашр этиб келган бўлсак, эндиликда илк бор ҳурматли Президентимиз ташаббуси ва хорижлик ҳамкасбларимизнинг қўллаб-қувватлови туфайли Ислом цивилизацияси марказидаги кўргазмада ушбу намуналарни ўз кўзимиз билан кўришимиз мумкин бўлади. Ишончим комилки, экспозициянинг Италия қисми мамлакатимиз маданий меросини қадрлайдиган барчанинг эътиборини тортади," — деди Марказ директори, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов.
Ислом цивилизацияси марказидаги кўргазма ўтмиш ва келажакни бирлаштирувчи ноёб маданий макон ҳисобланади. Ушбу осори-атиқалар узоқ йиллардан сўнг илк бор ўз тарихий ватанида бўлиб, ўтмиш ва келажакни ягона маданият ва санъат маконида бирлаштиради.