Трамп Путиндан Эрон билан ядровий музокараларда воситачилик қилишни сўради. Путин рози бўлди.
Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмуриятига Эрон билан алоқаларда ёрдам беришга рози бўлди. Бу алоқаларга Эрон ядровий дастури ва минтақа бўйлаб АҚШга қарши гуруҳларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кириши мумкин, деб хабар бермоқда манбалар.
Трамп бу масалага бўлган қизиқишини февраль ойида Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатда бевосита маълум қилган. Бир неча кун ўтиб, унинг маъмуриятининг юқори мартабали амалдорлари Саудия Арабистонида россиялик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказган, деб хабар беради Москвадаги манбалар. Улар мавзунинг нозиклиги туфайли шахсларини ошкор қилишдан бош тортган.
Оқ уй расмийлари ушбу хабарга дарҳол изоҳ беришмаган. Шунингдек, Россия ёки Эрон ҳам бу талабни ошкора тасдиқламади ёки рад этмади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Bloomberg'га юборилган саволларга жавобан: "Россия Эрон ва АҚШ ўзаро муаммоларни музокаралар йўли билан ҳал қилиши керак, деб ҳисоблайди. Москва бу жараёнда қўлидан келган барча ёрдамни беришга тайёр", деди.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили эса Россия Теҳрон ва Вашингтон ўртасида воситачилик қилишни таклиф этгани ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: "Бундай муҳим масалалар бўйича кўплаб томонлар ёрдам беришга тайёрлигини билдириши мумкин. Шу нуқтаи назардан, бошқа давлатлар ёрдам таклиф қилиши табиий", деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Баҳоий душанба куни Теҳрондаги матбуот анжуманида.
2025 йил январ ойида лавозимга қайта келганидан бери, Трамп АҚШ-Россия муносабатларини тиклашга уринмоқда. АҚШ 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киргани ортидан Москва билан алоқаларни узган эди. Трамп 12 февраль куни Путин билан телефон орқали мулоқот қилган ва урушни тўхтатиш масаласини бевосита муҳокама қилган. Шу билан бирга, икки давлат Арктикадаги савдо йўналишлари ва табиий ресурслар бўйича ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирганлар.
Абдуллоҳ Саййид