Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги алоқалар фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш 50 фоизга ошди, қўшма корхоналар сони ва юк айланмаси ҳажми кўпайди. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритмоқда. Гуманитар йўналишда ўтган йили Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Суҳбатда шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишининг якунлари юксак баҳоланди.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб қилиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Рақамлаштириш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги шериклик ва алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида келгусида Ўзбекистон ва Грузия ҳукуматлари даражасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.