Жанубий Корея суди жума куни импичментга учраган Президент Юн Сок Ёлнинг ҳибсга олиш ордерини бекор қилди. Бу эса унинг қамоқдан озод этилишига йўл очади. У январь ойининг ўрталарида қисқа муддатга ҳарбий ҳолат жорий қилгани ва исёнчилик қўзғатиш айбловлари билан ҳибсга олинган эди, деб хабар беради Yonhap ахборот агентлиги.
Сеул марказий округ суди вакили дарҳол изоҳ беришни истамади. «Жанубий Кореяда қонун устуворлиги ҳали ҳам мавжуд», — деди Юннинг ҳуқуқий маслаҳатчиси, YTN телеканалига кўра.
Юннинг дарҳол озод қилиниши ва қамоқдан ташқарида суд жараёнида қатнашиши кутилмоқда, деб ёзади маҳаллий ОАВ. Юннинг адвокатлари 19 январь куни чиқарилган ҳибсга олиш ордери ҳақиқий эмаслигини таъкидлаб, прокурорлар томонидан берилган сўров жараёнларда хатоликка йўл қўйилганини билдирган эдилар.
Юн 3 декабрда «антидавлат» унсурларини йўқ қилиш мақсадида ҳарбий ҳолат эълон қилганини айтган, аммо парламент уни рад этганидан кейин олти соат ичида бу қарорни бекор қилган. У ҳеч қачон тўлиқ фавқулодда ҳарбий ҳокимият ўрнатишни мақсад қилмаганини билдирган.
Бир неча ҳафта ўтиб, мухолифат етакчилигидаги парламент уни конституциявий мажбуриятларини бузганликда айблаб, импичмент эълон қилди. Юн айни пайтда бошқа жиноий иш бўйича суд жараёнида иштирок этмоқда ва 15 январь куни жиноий айбловлар билан ҳибсга олинган биринчи амалдаги президентга айланди.
Абдуллоҳ Саййид