Трамп маъмурияти «қизил» рўйхатдаги мамлакатлар фуқароларига АҚШга киришни тақиқлашни режалаштирмоқда. Ушбу рўйхатга Куба, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Сурия, Венесуэла ва Яман киритилган. Таъкидланишича, юқоридаги давлатлардан келган шахсларга Трампнинг биринчи президентлик муддати (2017-2021) давомида ҳам АҚШга кириш тақиқланган эди. Бу сафар ушбу рўйхатга Афғонистон ҳам қўшилиши мумкин.
«Қизил» рўйхатдан ташқари, “зарғалдоқ” рўйхат ҳам жорий этилади. Ушбу рўйхатдаги мамлакат фуқаролари АҚШга чекланган турдаги визалар орқали ва қисқа муддатли меҳмон сифатида кириш имкониятига эга бўлади.
«Сариқ» рўйхатга киритилган давлатларга эса 60 кун ичида вазиятни тузатиш имконияти берилади. Улар АҚШ талабларини, жумладан, паспорт бериш қоидалари ва сайёҳлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича талабларни бажаришлари керак бўлади. Акс ҳолда, улар «қизил» ёки «зарғалдоқ» рўйхатга киритилади.
Трамп ўзининг президентлик лавозимидаги энг биринчи иш куни - 20 январда АҚШ Давлат департаментига, «текшириш ва скрининг бўйича маълумотлари ўта ишончсиз бўлган давлатларни аниқлаш»ни топширди. Бундай давлатларнинг фуқароларига кириш қисман ёки тўлиқ тўхтатилиши мумкин. Ушбу рўйхат тахминан икки ҳафта ичида тайёр қилиниши кутилмоқда.
Абдуллоҳ Саййид