“Таржимон” газетасининг барча сонлари Ислом цивилизацияси марказидан ўрин олади. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизмати хабар берди.
“Таржимон” газетаси Турк дунёсини бирлаштирган илк матбуот нашри сифатида 1883-1918 йилларда нашр қилинган ва Россиянинг туркий тилли аҳолиси ўртасида тарқатилган. Большевиклар ҳукумати талаби билан 1918 йил февраль ойида газета нашри тўхтатилган.
Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез билан ҳамкорликда амалга оширилаётган медиалойиҳага кўра, ушбу газетанинг барча сонлари электрон нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига келтирилади.
1907 йил 8 октябрь (янги ҳисобда 21 октябрь) куни Ватанимизда Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Каттақўрғон шаҳарларида қаттиқ ер силкиниши кузатилган. Айнан шу куни зилзила туфайли Бибихоним масжидининг минораси қулаб тушган. Бу ҳақда Қримнинг Боқчасарой шаҳрида жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири Исмоил Гаспирали (1851-1914) бош муҳаррирлигида чоп этилган “Таржимон" газетаси саҳифаларида ўқиш мумкин. Газетанинг 1907 йил 14 (26) октябрь куни бу ҳақда “Туркистонда зилзила” сарлавҳали хабар чоп этилади.
“...Тошкент. 8 октабурда сабоҳ соат дўқузда шиддатли бир зилзила ҳис эдилди. Зилзила икки дақиқа қадар давом айламишдир. Самарқанд. Зилзиланинг энг шиддатли қисми бурада вуқуъ булди. Бир қач дафъалар давом этди. Бир чўқ бинолар, эвлар хароб ўлмишдур. Шаҳодат жомеъи йиқилмиш ва биби Хоним жамеъининг минораси хароб ўлмишдур. Ҳўқанд. Сабоҳ соат дўқузи ўтуз дақиқа кечароқ бурада дағи дўрт дафъа шиддатли зилзила ҳис эдилди. Зойиъот маълум дегилдир. Каттақўрғон. Соат дўқузда шиддатли зилзила вуқуъ булмишдур. Бир чўқ хоналар хароб ўлмиш ва дуворлар чатмишдур. Зойиъот маълум дегилдир”.