Ижтимоий тармоқларда мактаб олдида номаълум шахс болаларга саломатлик учун хавфли бўлган шубҳали конфет бериб кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб, ваҳимага сабаб бўлганди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан маълумот берди.
ИИВ томонидан аниқланишича, Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Х.М. (2015 йилда туғилган ўғил бола) мазкур ҳудудда жойлашган савдо дўконидан 1 000 сўмга 3 дона Strawberry номли конфет сотиб олган. Сўнг мактабга келган вақтида синфдоши О.А. ундан ширинликни қаердан олганлигини сўраганда, унга гўёки нотаниш шахс бериб кетганини айтиб, алдаган.
Мактаб ҳамшираси О.А. боланинг гапидан хулоса қилиб, ижтимоий тармоқларга мактаб атрофида Strawberry номли шубҳали конфетни мактаб ўқувчиларига номаълум шахслар бергани ҳақидаги ҳаққоний бўлмаган хабарни тарқатган.
Конфет истеъмоли оқибатида бир бола вафот этгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. Бу мутлақо ҳақиқатга зидлиги маълум қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда, конфетнинг таркибида инсон соғлиғига зарарли моддалар бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида суд-кимёвий экспертиза тайинланган.