АсосийЖамият

Тошкент вилоятидаги боғчада яна болалар калтакланди

Тарбиячи билан тузилган шартнома бекор қилинган.

'Тошкент вилоятидаги боғчада яна болалар калтакланди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги хусусий боғчалардан бирида болалар калтаклани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат бошқарма масъуллари томонидан назоратга олиниб, мазкур нохуш вазият Зангиота туманида жойлашган оилавий мактабгача таълим муассасасида юзага келгани аниқланган.

Билдирилишича, ота-оналар муассасадан қайтган фарзандлари билан мулоқот давомида тарбиячининг зўравонлик қилаётганини аниқлаган. Ушбу ҳолатдан хабардор бўлган ота-оналар кеча, 26 март куни муассасага бориб, кузатув камераларидаги ёзувларни кўриб чиқишни талаб қилган. Камера ёзувлари кўрилганда 25 март куни ташкилотда октябрь ойидан буён фаолият юритаётган тарбиячи Р.Г. тарбияланувчиларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётгани аниқланган.

Бугун, 27 март куни Зангиота туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, нохуш ҳолат кузатилган оилавий мактабгача таълим муассасасида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Муассаса раҳбари мазкур вазиятдан сўнг тарбиячи лавозимида фаолият юритаётган Р.Г. билан шартномани бекор қилган. Ота-оналарга бундай нохуш ҳолат такрорланмаслиги ва уларнинг ишончини суистеъмол қилмаслик ҳақида муносабат берган.

“Айни пайтда, бўлим масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ташкилотдаги барча ходимлар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича қатъий огоҳлантириш берилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу нохуш ҳолат юзасидан жамоатчиликни хабардор қилган фуқароларга миннатдорлик билдирган ҳамда бундай ҳолатларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Юнусобод туманининг Мойқўрғон маҳалласидаги “Little genius kindergarten” хусусий боғчада тарбиячи болани калтаклаган. Видеоёзувлар кузатилганида, тахминан соат 17:30 да тарбияланувчи Э.К. ўз гуруҳидаги М.Ф.ни қўли билан ургани сабабли тарбиячи Т.К. тарбияланувчи Э.К.ни урган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги 25-сонли давлат боғчасида ҳам тарбиячи болаларни калтаклагани аниқланганди

    Бошқа янгиликлар