Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф 30 март куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ҳайити - Ийд ал-Фитр байрами муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар. Дўст Ўзбекистон ва Покистон халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилди.
Жорий йил февраль ойида Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи давомида эришилган келишувларни "йўл харитаси"га мувофиқ амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирликлар, идоралар ва тармоқлар даражасидаги мулоқотлар фаоллашгани ва алмашинувлар самарали тус олгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Март ойида Исломобод шаҳрида Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди. Апрель ойидан Лаҳорга қўшимча авиарейслар йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Қўшма лойиҳаларнинг ижросини кўриб чиқиш ва уларни жадаллаштириш чораларини кўриш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йилда ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.