АсосийДунё

Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Чеченистон полицияси куратори этиб тайинланди

Янги лавозимига киришган Қодиров ўғли давлат мукофотлари билан бир неча марта тақдирланган шахс сифатида саккиз нафар “фахрли ходим”га медаллар топширди – улар Чеченистон Республикасининг энг олий унвони – “Чеченистон Республикаси Қаҳрамони” мақомига эга бўлишди.

'Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Чеченистон полицияси куратори этиб тайинланди'ning rasmi

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг учинчи ўғли, 17 ёшли Адам Қодиров республика ИИВ бошқармасининг куратори бўлди.

Шунингдек, унинг таклифига кўра, идоранинг ўз хавфсизлиги бўйича оператив-қидирув бўлимига янги раҳбар тайинланди – бу лавозимга вазир ёрдамчиси Тимур Мусангузов келди.

Адам Қодировнинг Чеченистон ИИВ куратори сифатидаги тайинлови 31 март куни бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилинди. Вазирлик раҳбари Аслан Ирасханов бу қарор Рамзан Қодировнинг топшириғига биноан қабул қилинганини маълум қилди. Янги лавозимига киришган Қодиров ўғли давлат мукофотлари билан бир неча марта тақдирланган шахс сифатида саккиз нафар “фахрли ходим”га медаллар топширди – улар Чеченистон Республикасининг энг олий унвони – “Чеченистон Республикаси Қаҳрамони” мақомига эга бўлишди.

Кавказ.Реалии сайтининг ёзишича, ёшга доир чекловларга қарамасдан, Адам Қодиров бир қатор куч ишлатар тузилмалар ва ҳарбий бўлинмаларда раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келмоқда. 

2023 йил ноябрида у “Чеченистон Республикаси раҳбари хавфсизлигини таъминлаш бўлими”га раҳбар этиб тайинланган эди. Бу тайинлов натижасида у “Россия рекордлар китоби”га энг ёш идора раҳбари сифатида киритилди. Тайинлов вақтида у атиги 15 ёшда эди.

Шунингдек, ўша 2023 йилнинг ўзида у Чеченистонда ташкил этилган ва Байсангур Беноевский номи билан аталган Россия Мудофаа вазирлиги батальонининг “куратори” этиб тайинланди. Кейинроқ, у Грознийдаги тергов ҳибсхонасида Қуръонни ёқишда айбланган Никита Журавелни камера қаршисида калтаклаганидан сўнг, Шайх Мансур номи берилган яна бир батальоннинг ҳам куратори этиб тайинланди. 2024 йил апрель ойида эса Рамзан Қодиров ўғли Адамни Гудермесда жойлашган, Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлар университетининг куратори этиб тайинлади.

Мазкур тайинловлар давомида Адам Қодировнинг фаолияти асосан шахсий таркибга таништириш маросимлари билан чекланган. Унинг куратор сифатида аниқ вазифалари ва мажбуриятлари номаълумлигича қолмоқда.

Адам Қодировга берилган мукофотлар ва тан олинишлар тўлқини у юқорида тилга олинган Никита Журавелни калтаклаганидан сўнг бошланди. Бу ҳаракатидан сўнг у Чеченистон Республикаси қаҳрамони унвонини олди. Кейинчалик уни бошқа ҳудудлар ҳам тақдирлашни бошлади – у Татаристон, Қарачай-Черкесия ва Қабардин-Болқор Республикасининг энг олий орденларига сазовор бўлди. Шунингдек, у Чеченистоннинг “Даймехкан Сий” (“Миллат ғурури”) ордени, “Уммат олдидаги хизматлари учун” ва “Ислом динига хизмат учун” I даражали диний орденлар, “Россия меҳнат шон-шуҳрати” медали ва “Россия махсус кучлар университети ривожига қўшган ҳиссаси учун” I даражали медали билан тақдирланган.

Аслини олганда, қонунга кўра, 16 ёшли Адам Қодиров ҳали айрим мукофотларни олиш ҳуқуқига эга эмас эди. Бироқ бу ҳолат мукофотлаш жараёнига таъсир қилгани йўқ.

Чеченистон раҳбарининг учинчи ўғли бир неча бор федерал даражадаги можаролар марказида бўлган. Болалик чоғида у асосан рингда кураш тушиш билан чекланган бўлса, Украинага қарши уруши бошланиши билан у жамоатчилик олдида қурол билан чиқишни ва уруш тарғиботида иштирок этишни бошлади. Кавказ.Реалии сайти Чеченистонда унинг имижини қандай шакллантираётганини атрофлича ёритган. 

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар