Трамп ўрнатган янги импорт божи тарифлари бутун дунё фонд биржаларини йиқита бошлади. Хусусан, Австралия ва Осиё бозорларида катта йўқотишлар кузатилмоқда.
Бугун, душанба тонгда очилишидан сўнг Осиё ва Австралия биржаларининг индекслари кескин тушиб кета бошлади. АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан жорий этган янги тарифлар бунга сабаб бўлган.
Жумладан, Австралия биржаси индекси, S&P/АSX 200, савдолар аввалида қимматли қоғозларнинг ўртача 6,4 фоизга пасайишини кўрсатди ва шу даражада барқарорлашди.
Корея фонд бозори индекси, КOSPI, савдо бошланиши билан 5 фоиздан ортиқ пасайди.
Япониянинг Nikkei 225 индекси ҳам пасайиб кетган.
Айниқса япон автомобил корпорацияларининг акциялари қадрсизлана бошлаган. Зеро, япон автомобиллари учун Шимолий Америка, хусусан, АҚШ бу соҳа учун ўта муҳим бозор ҳисобланади. Трамп АҚШдан ташқарида ишлаб чиқарилган автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари учун киритган 25 фоизлик бож тарифи энди бу улкан бозорни япон автомобиллари учун самарасиз қилиб қўяди. Экспорт пасайса даромад ҳам пасаяди. Шу боис автомобил компанияларининг акциядорлари нархлар пасайиб кетмасидан қўлларидаги акциядларини сотиб юборишга интилмоқда.
Бу эса мазкур қимматли қоғозларнинг баттар қадрсизланиб, нархлари тушиб кетишига олиб келяпти. Яқин истиқболда ваҳима бошланса, бу қоғозларнинг умуман қиммати қолмаслиги ҳам мумкин.
Масалан, бугун биржа савдолари очилишидан сўнг Honda автомобил концернининг акциялари деярли 8 фоизга тушиб кетди, Nissan акциялари эса 10 фоизга қадрсизланди. Mtsubishi Motors акциялари ҳам тахминан 10 фоиз қийматини йўқотган.
Шунингдек, Тайван, Шанхай ва Гонконг биржаларида ҳам пасайиш кузатилмоқда. Гонконгнинг Hang Seng индекси очилгандан ярим соат ўтиб тахминан 9 фоизга тушди, Шанхай биржасининг SSE Composite Index индекси — 6 фоизга, Тайваннинг ТАIEX индекси эса 9,6 фоизга пасайди.
Янги тарифлар эълон қилинганининг эртасидан бошлаб, АҚШ фонд биржаларининг индекслари пасайишни бошлаган, хусусан, S&P 500 индекси 3,2 фоизга, Nasdaq ва Dow Jones индекслари 4 фоизга арзонлаб кетган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп бутун дунё давлатлари учун 10 фоизлик бож жорий этганди.
Абдуллоҳ Саййид