АсосийЖамият

Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олиндими?

Мазкур ҳолатга Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.

'Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олиндими?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур ҳолатга Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур маълумотлар юзасидан Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Аниқланишича, Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6165-сон фармойиши қабул қилинган. Ушбу фармойишга кўра, Самарқанд шаҳрининг “Чокардиза” қабристонида жойлашган “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш, мажмуа атрофидаги буюк уламоларнинг қабрларни қайта тиклаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини ташкил этиш режалаштирилган. 

Юқоридаги фармойишга асосан, “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасининг атрофини кенгайтириш мақсадида 217 та фуқароларга тегишли бўлган турар-жой бинолари бузилиши қайд этилган.

Ушбу бинолар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилмаган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги 5150-сонли қарорининг 4-бандида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишиш белгиланган.

Бунда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси орқали ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

 2025 йилнинг 6 март куни Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 4-сонли йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилган ва якуний хулоса берилган.

Кенгаш хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 9 февраль куни қабул қилинган 6165-сонли фармойиши маълумот ва ижро учун қабул қилинган. 

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган “Имом Мотуридий мажмуаси”нинг атрофини кенгайтириш ва ишлари юзасидан таклиф маъқулланган.

Шу билан бирга, Илмий-эксперт кенгаши баёнида Маданий мерос агентлиги “Имом Мотуридий мажмуаси” атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш лойиҳаси билан Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси марказини хабардор қилиш чораларини кўриш белгиланган.

Бундан ташқари, ҳужжатда ушбу ҳудудларда олиб бориладиган ҳар қандай қурилиш, ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ўрнатилган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши қатъиян белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳудудда амалга ошириладиган кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларининг назорати Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига юклатилган.

    Бошқа янгиликлар