Кеча, 10 апрель куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 2 ёшли бола жарликка тушиб кетди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 22:23 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Бўстонлиқ тумани “Яккатут” МФЙ ҳудудида 2 ёшли бола йўқолиб қолгани ва ўша ҳудуддаги жарликка тушиб кетганидан гумонланиб хабар берилган.
Айтилган манзилга зудлик билан Бўстонлиқ туманининг бир гуруҳ қутқарувчилари етиб борган. Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида бола ўша ҳудуд яқинидаги жарликнинг таҳминан 25 метр бўлган чуқурлигидан топилган ва юқорига олиб чиқилиб, соғ-саломат ота-онасига топширилган. Ҳозирда боланинг аҳволи яхши экани маълум қилинган.