АсосийЖамият

Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциациясига раис сайланди

Ушбу лавозимни Қўнғиротбой Шарипов эгаллади.

'Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциациясига раис сайланди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Ассоциация раиси этиб Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов сайланди.

Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциацияси 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — талабалар, ўқитувчилар ва олийгоҳ ходимлари ўртасида спортни оммалаштириш, юксак маҳоратли спортчилар захирасини шакллантириш ва спорт инфратузилмасини такомиллаштиришдан иборат.

Сўнгги йилларда Ассоциация фаолияти доирасида олий таълим муассасаларида 26 та олимпия спорт тури бўйича 591 та спорт клуби ҳамда 21 та спорт тури бўйича 721 та спорт секцияси ташкил этилди.

Талабалар спорт ҳаракати янги босқичга кўтарилиб, «Универсиада», «Баркамол авлод» мусобақалари билан бир қаторда, «Талабалар лигаси», «Беш ташаббус олимпиадаси», «Талаба югур» ва «Ректор кубоги» каби оммавий мусобақалар йўлга қўйилди.

Конференцияда Ассоциациянинг келгусидаги асосий вазифалари белгилаб олинди:

барча олий таълим муассасаларида камида 3 тадан спорт клублари ташкил этиш;

мусобақаларни спорт клублари тизими асосида мувофиқлаштириш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ассоциациянинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;

«Баркамол авлод», «Универсиада» ва «Талабалар лигаси» мусобақаларини такомиллаштириш;

талабалар иштирокидаги халқаро мусобақалар сони ва самарадорлигини ошириш;

талабалар спортини ривожлантиришга оид махсус концепция қабул қилиш;

мавжуд спорт заллари ва майдонларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик асосида қурилаётган ётоқхоналарда спорт имкониятларини яратиш.

Шунингдек, барча таълим йўналишларидаги 1-босқич талабалари учун 4 кредитли «Жисмоний тарбия» фани жорий этилади. Спорт клублари ва тўгараклар фаолиятини бошқариш учун ягона рақамли платформа ва мобил илова яратилади. Ягона электрон платформа орқали календарь режа, рейтинг баҳолаш тизими жорий қилиниб, «Ҳемис» дастурига интеграция қилинади.

Олий таълим муассасаларида намунавий спорт тўгараклари низоми, дастури ва услубий қўлланмаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, ҳар бир тўгарак раҳбарини моддий рағбатлантириш ва талабаларга спорт фаоллиги учун имтиёзлар бериш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциацияси фаолияти ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спортни кенг оммалаштириш ва мамлакат спорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар