Россиянинг Кемерово шаҳри марказида қурилаётган маданий кластер ҳудудидан 46 ёшли ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда 25 апрель куни Кузбасс вилояти Тергов қўмитасига таяниб, NGS42 хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, эркак 15 метр баландликдан тушиб кетиши оқибатида воқеа жойида вафот этган. Нашр манбасига кўра, ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси тахминан уч ҳафта олдин 46 ёшни қарши олган.
“Президент Владимир Путин ташаббуси билан бунёд этилаётган маданий кластер қурилишини олиб бораётган “Стройтрансгаз” компаниялар гуруҳи матбуот хизмати ҳам ҳодиса юз берганини тасдиқлаб, ҳалок бўлган шахс бетончи бўлиб ишлаганига аниқлик киритди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари бошланган, ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.