27 апрель куни Ҳиндистон армияси маълум қилишича, кеча тунда Ҳиндистон ва Покистон қуролли кучлари чегарада бир-бирига ҳужум қилди. Бу ҳужумлар Кашмирда сайёҳларга қарши қилинган террорчилик актидан кейин кескинлашган вазият фонида содир бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Кашмирнинг Байсаран водийсида номаълум қуролли шахслар сайёҳларга ўқ узди. Ҳужум оқибатида 25 дан ортиқ сайёҳ ҳалок бўлди. Масъулиятни Покистонда фаолият юритувчи "Лашкар-е-Тоиба" (LeT) ташкилоти ўз зиммасига олди. Ҳиндистон ҳукумати ҳодиса учун Покистонни айблади.
Покистон ахборот вазири Атоуллоҳ Тарар кеча берган интервьюсида мамлакат Ҳиндистоннинг босимларига тайёр эканини ва ўз ҳудудий дахлсизлигини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришини маълум қилди.
Халқаро ҳамжамият эса вазиятни барқарорлаштиришга даъват этмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Саид Аббос Аракчи Исломобод ва Деҳлидаги Эрон ваколатхоналари орқали ҳар икки давлат билан яқин алоқа ўрнатишга тайёр эканини билдириб, "Ҳиндистон ва Покистон ака-ука қўшнилардек асрлар давомида шаклланган маданий ва цивилизацион алоқаларни тиклаши лозим", деб таъкидлади.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса ушбу зиддиятга аралашмаслигини маълум қилди. Унга кўра, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги мураккаб муносабатлар тарихан давом этиб келган ва бу масалани икки давлатнинг ўзи ҳал қилиши лозим.
Бундан ташқари, Хитой ҳам вазиятни диққат билан кузатмоқда. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Покистон ташқи ишлар вазири Исхак Дар билан телефон мулоқоти чоғида Пекин Исломободнинг терроризмга қарши курашдаги қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ван И, шунингдек, Ҳиндистон ва Покистонни тоқатли бўлиш ва вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди.
Исхак Дар ўз навбатида Покистон халқаро ҳамжамият, хусусан Хитой билан яқин алоқада бўлиб, тинчлик йўлида ҳаракат қилишини маълум қилди.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Пахалгамдаги ҳужумчиларга "энг қаттиқ жавоб берилади" деб яна бир бор таъкидлади.
Айни пайтда эса дунё сиёсатчилар Ҳиндистоннинг "оммавий жазолаш" сиёсатини танқид қилишмоқда. Яъни бир гуруҳ террорчиларни деб бутун бошли аҳоли қатламларидан ўч олишга уринаётганини қўллаб-қувватлашмаяпти.
Сринагар депутати Руҳуллоҳ Меҳдий Кашмир аҳолиси "оммавимий жазо"га дучор бўлаётганини айтди. Штатнинг собиқ бош вазири Мехбуба Муфти эса хавфсизлик кучларини "террорчилар" билан тинч аҳоли ўртасида фарқ қила олишга чақирди.
Абдуллоҳ Саййид