Покистон БМТ Хавфсизлик Кенгашига Жамму ва Кашмирдаги вазиятнинг кескинлашуви ва Ҳиндистон билан зиддиятнинг кучайиши муносабати билан фавқулодда ёпиқ мажлис ўтказиш бўйича расмий сўров юборди. Бу ҳақда Покистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси маълум қилди.
Покистон миссияси мавжуд вазиятнинг минтақавий ва халқаро хавфсизликка таҳдид солаётганини билдирди.
“Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинликнинг кучайиши ҳамда Жамму ва Кашмирдаги вазият минтақада ва ундан ташқарида тинчлик ва барқарорликка таҳдид солмоқда”, дейилади баёнотда.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши бугун, 5 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 га белгиланган. Йиғилишдан сўнг Покистоннинг БМТдаги доимий вакили Асим Ифтихор Аҳмад брифинг ўтказиши кутилмоқда.
Паҳалгамдаги теракт
22 апрель куни қуролланган шахслар Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатининг Паҳалгам туманида сайёҳларга қарата ўт очиб, 26 кишини ўлдирди. Бундан ташқари, кўплаб одамлар жароҳатланган.
Ҳужум ортидан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Саудия Арабистонига расмий ташрифини тўхтатиб, Нью-Деҳлига қайтди. Пойтахтга келгач, Моди вазиятни баҳолаш учун юқори мартабали амалдорлар билан хавфсизлик бўйича йиғилиш ўтказди. Ҳиндистон ҳукумати ҳужумда Покистондан келган одамларни айблади.
Ҳиндистон Ҳинд сувлари шартномасини тўхтатди, Нью-Деҳлида жойлашган покистонлик маслаҳатчилардан бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этишни сўради ва Покистон фуқароларига берилган визани бекор қилди.
Покистон, ўз навбатида, айбловларни рад этди ва Ҳиндистоннинг Исломободдаги дипломатик ходимлари сонини қисқартирди.
Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси ҳавзасидаги дарёлар оқимини тўхтатиш ёки бошқа йўналишга йўналтиришга бўлган ҳар қандай уриниши уруш ҳаракати сифатида баҳоланишини айтди. Шунингдек, мамлакат Ҳиндистон билан барча савдо-сотиқни тўхтатди ва ҳаво ҳудудини ёпди.
Покистон ҳукумати, шунингдек, Ҳиндистон фуқароларига бериладиган барча визалар тўхтатилганини эълон қилди.