АсосийДунё

Эрон АҚШ базаларига зарба бериши ҳақида огоҳлантирди

Эрон ва АҚШ 12 апрелдан бери ядровий музокаралар олиб бормоқда.

'Эрон АҚШ базаларига зарба бериши ҳақида огоҳлантирди'ning rasmi

Эрон мудофаа вазири Азиз Носирзода 4 май куни Яқин Шарқдаги Америка базаларини нишонга олиб АҚШнинг ҳар қандай ҳарбий ҳаракатига жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Al Arabiya нашри хабар берди.

Агар бизга ҳужум қилишса — уруш эълон қилишса — куч билан жавоб қайтарамиз. Уларнинг манфаатлари ва базаларини нишонга оламиз. Эрон қўшниларига нисбатан ҳеч қандай душманлик кайфиятида эмас. Бироқ Вашингтон ҳужум уюштирса, АҚШнинг ўша қўшни мамлакатларда жойлашган базалари нишонга олинади, деди Азиз Носирзода 4 май куни кечқурун эфирга узатилган давлат телеканалига берган интервьюсида.

Ҳудди шу куни Эрон ўзининг “Қассем Басир” деб номланган сўнгги баллистик ракетасини намойиш этди. Бу қаттиқ ёнилғида ишлайдиган баллистик ракета бўлиб, унинг парвоз масофаси 1200 километрни ташкил қилади.

Эрон ва АҚШ 12 апрелдан бери ядровий музокаралар олиб бормоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп март ойида Эрон олий етакчиси Али Хоманаийга мактуб йўллаб, музокаралар олиб боришга чақирган ва агар дипломатия муваффақиятсизликка учраса, эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар ҳақида огоҳлантирганди.

Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ узоқ вақтдан бери Эронни ядро қуролига интилишда айблаб келади. Аммо Теҳрон буни рад этиб келмоқда. 

    Бошқа янгиликлар