“Соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида ичимлик суви ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган "Тоза кўллар" дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ҳукумат қарори (297-сон, 06.05.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, "Тоза қўллар" дастури доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида:
- санитария-гигиена воситалари билан етарли миқдорда таъминланади;
- ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена объектлари (ҳожатхона) инфратузилмаси яхшиланади, улар бинонинг ички қисмида жойлаштирилади;
- аҳоли, жумладан, болалар ўртасида шахсий гигиена одатларини шакллантириш ва унга риоя қилиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилади.
Давлат сармояларини бошқариш геопортали маълумотларидан фойдаланган ҳолда умумий ўрта таълим ташкилотларининг санитария-гигиена инфратузилмаларини яхшилаш бўйича манзилли дастур шакллантирилади.
Шунингдек, умумий ўрта таълим ташкилотларини халқаро тажриба асосида сув таъминоти, санитария ва гигиенанинг "Уч юлдузли ёндашув" методикаси асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилади.