Европанинг навбатдаги санкциялари рўйхатига Ўзбекистон ҳам тушиши мумкин.
Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Европа Иттифоқи 14 май куни Россияга қарши 17-санкциялар пакетини расман келишиб олиши кутилмоқда. Бу чеклов чоралари, асосан, Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолда жорий этилаётгани қайд этилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур санкциялар нафақат Россия компаниялари ва ташкилотларини, балки учинчи давлатларда жойлашган, Россияга айланма йўллар орқали ёрдам бераётган деб гумон қилинаётган корхоналарни ҳам қамраб олади.
Bloomberg’га кўра, санкциялар доирасида 149 та нефт танкерига нисбатан чекловлар жорий этилиши кутилмоқда. Ушбу танкерлар “Россиянинг соя флоти”га мансуб деб ҳисобланади.
Шунингдек, расмийларнинг айтишича, БАА, Туркия, Сербия, Вьетнам ва ҳатто Ўзбекистонда жойлашган айрим компаниялар ҳам санкция рўйхатларига киритилиши мумкин.
Бу каби қарор Евроиттифоқнинг санкция механизмларини янада қаттиқлаштираётгани ва Россияга қарши иқтисодий босимни кучайтириш ниятида эканини кўрсатади.
Айни дамда Ўзбекистон расмий идоралари ушбу масала юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Абдуллоҳ Саййид