Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, қардош Қозоғистон халқининг фаровонлиги ва равнақи йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Бўлажак икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Савдо, саноат кооперацияси, самарали логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданий алмашинув каби устувор йўналишларни қамраб олган икки томонлама амалий ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш борасидаги ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.