Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давомида 1,4 млрд сўмлик табиий газни ўғирлаган автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “P.G.O.” МЧЖ раҳбари У.Х. жамиятга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компресс шохобчасининг газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиш орқали 1,4 млрд сўмлик табиий газни ўғирлик йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида жамият томонидан етказилган зарар тўлиқ ундирилиши таъминланди.