ДХХ Call-марказига мурожаат қилган Тошкент вилоятида яшовчи фуқародан, вилоят ички ишлар ходимининг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда коррупцион жиноятларни содир этиб келаётгани хусусида маълумотлар олинди.
Унга кўра, ИИБ ходими ЖКнинг 210, 131, 135, 206, 207 ва 165-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда терговда бўлган собиқ ички ишлар ходимига суд идораларидаги танишлари орқали енгилроқ жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига унинг яқин қариндошларидан 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. Жорий йилнинг 16 май куни ДХХ ва ИИВ тезкор бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган фаол тадбир давомида, ИИБ ходими 1995 йилда туғилган фуқаро А.Б.дан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Яна бир ҳолатда, шу йилнинг 17 май куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган фаол тадбирда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ички ишлар ходими ЖКнинг 103 ва 112-моддалари билан айбланиб, 8 йил 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумга жазо муддатини Тошкент шаҳар суди мансабдор шахслари имконияти орқали тафтиш инстанциясида камайтириб беришни ваъда қилиб, маҳкумни таниши Н.Н.дан 24 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида жиноят устида ушланди.
Тадбир жараёнида унинг ёнидан адвокатлик ва ҳакамлик суди судьяси гувоҳномалари ҳамда ИИВнинг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруғи нусхаси топилди.
Ушбу ходим 2014 йилга қадар ички ишлар идораларида ишлаб, 2022 йилдан эса, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Жорий йилнинг апрель ойида унга яна бир бор имконият берилиб, ички ишлар идораларига қайтадан тикланган. Афсуски, ишга тикланганлигига 2 ой бўлмаган бу ходим коррупцион ҳаракатларни такроран содир этган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан тақдим этилган материаллар асосида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми ва 28, 211-моддаси 3-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.