Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Будапештга расмий ташрифи Венгриянинг йирик компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувдан бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Венгрия томонидан “OTP Bank”, “BDPST Group”, “4iG”, “Indotek”, “MVM”, “Duna Group”, “MOL Group”, “H2O Consortium”, “Inpark”, “Wizz Air” ва бошқа кўплаб компанияларнинг топ-менежерлари ва таъсисчилари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида расмий ташриф Венгрия ишбилармонлари билан учрашувдан бошланаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
Венгриянинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари жадал ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Масалан, “OTP Bank” Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бирини сотиб олиб, мамлакатимиз молия бозорида барқарор ўрин эгаллади.
Компаниянинг автокредитлашни ривожлантириш учун қўшма компания ташкил этиш, бизнесни молиялаштириш дастурини йўлга қўйиш, йирик паррандачилик кластерини қуриш бўйича янги режалари қўллаб-қувватланди.
Саноат кооперациясини кенгайтириш ва илғор технологиялар трансферини рағбатлантириш мақсадида Тошкент вилоятида Европа компаниялари учун махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда. Ушбу ҳудудни бошқариш Венгриянинг “Inpark” операторига берилади.
Иқтисодий шерикликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Президенти қатор устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди. Қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш ва тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакатларнинг истиқболли бозорларига экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан.
Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш, хусусан, юк ташишни кўпайтириш ва икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Венгрия компанияларининг қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқишини юксак баҳолади. Ўз навбатида, бизнес вакиллари ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклиф ва режаларини билдирди.
Учрашувда транспорт ва йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, логистика марказлари ва коммунал тармоқларни барпо этиш, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, кимё, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари бундай учрашувларни мунтазам ўтказиб боришни таклиф этди.
- Биз мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни ривожлантириш учун барча шароитларни яратамиз, - деди Ўзбекистон Президенти.
Тадбир якунида давлатимиз раҳбари ҳузурида устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар алмашиш маросими бўлди.