АсосийЖиноят

Тошкентда нархи тахминан 1 миллион долларлик 10 кгга яқин синтетик гиёҳвандлик воситаси ушланди

ДХХ Қозоғистон орқали олиб кирилган синтетик гиёҳвандлик моддалари фош этилди. Ушбу моддалар турли жойларга яширилган ҳолда мамлакатга олиб кирилган.

'Тошкентда нархи тахминан 1 миллион долларлик 10 кгга яқин синтетик гиёҳвандлик воситаси ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қозоғистон Республикасидан мамлакатимизга Тошкент вилоятидаги “Навоий” чегара божхона пости орқали кириб келган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1983 ва 1988 йилларда туғилган 2 нафар фуқарога тегишли тиббий ускуналар кўздан кечирилди.

Натижада ушбу ускуналар ичига яширилган, умумий баҳоси 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 4,206 кг “Мефедрон” ҳамда 3,970 кг “Алъфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди. 

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи, 1992, 1993, 1995 ҳамда 2000 йилларда туғилган 5 нафар фуқаро ҳам қўлга олинди.

Маълум бўлишича, улар “Телеграм” мессенжери орқали наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи Россия Федерацияси фуқароси кўрсатмаларини бажариб келишган. 

“Навоий” чегара божхона постида фош этилган бошқа ҳолатда эса, 1980 й.т. Қирғиз Республикаси фуқароси томонидан аравакаш сифатида ёлланган шахс Қозоғистон Республикасидан мамлакатимизга газ плитасини олиб кирган вақтида тўхтатилиб текширилди.

Натижада, газ плитаси ичида 1,985 кг “Алъфа-ПВП” синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.  

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида яшовчи, 2006 й.т. шахс ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар