АҚШ президенти Дональд Трамп Россиянинг Украинага уюштирган ҳужумидан сўнг ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида кескин баёнот билан чиқди.
Унга кўра, Россия президенти Владимир Путин “бутунлай ҳушидан кетган”.
“Мен Владимир Путин билан доим яхши муносабатда бўлганман. Аммо ҳозир у билан нимадир содир бўлган — у мутлақо ҳушсиз! У одамларни, фақат аскарларни эмас, тинч аҳолини ҳам беҳуда ўлдиряпти”, — деб ёзди Трамп.
Трампга кўра, Россия президенти фақат Донбасс ёки бошқа ҳудудларни эмас, балки бутун Украинани эгаллашни кўзламоқда.
“Агар у бунга журъат этса, бу Россиянинг қулашига олиб келади”, — дейди у.
Трамп Москвага қарши янги санкциялар жорий этиш эҳтимолини ҳам кўриб чиқаётганини билдирди.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Трамп танқидидан четда қолмади.
“У ўз мамлакати учун фойдали иш қилмаяпти. Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз муаммо туғдиряпти. Бу менга ёқмайди, ва бундай гаплар тўхташи керак”, — деган Трамп.