АсосийДунё

Пашинян Озарбайжон билан тинчлик битими Конституциявий судда рад этилса, Бош қомусни ўзгартирмоқчи

Шунингдек, у Озарбайжон билан тинчлик келишувини имзолаш ва ЕХҲТга Минск гуруҳи тузилмаларини тарқатиш бўйича мурожаат йўллашни таклиф қилди.

'Пашинян Озарбайжон билан тинчлик битими Конституциявий судда рад этилса, Бош қомусни ўзгартирмоқчи'ning rasmi

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян агар Конституциявий суд Озарбайжон билан тинчлик келишувини маъқулламаса, шахсан ўзи Конституцияга ўзгартиришлар киритиш жараёнини бошлашини маълум қилди. Бу ҳақда у «Ереван мулоқоти» халқаро форумида чиқиш қилар экан, YouTube орқали намойиш этилган нутқида баёнот берди.

Пашинян ўз сўзларида "тинчлик жараёнини йўқотиш мумкин эмас"лигини таъкидлаб, Арманистон жамиятини конституциявий ислоҳотлар зарурлигига ишонтираман, деб ваъда берди.

Бундан ташқари, Пашинян Озарбайжон билан тинчлик келишувини имзолаш ва шу билан бирга ЕХҲТга Минск гуруҳи тузилмаларини тарқатиш бўйича мурожаат йўллашни таклиф қилди.

Бундан аввалроқ Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари мамлакатлар ўртасидаги шартнома имзоланиши учун асосий тўсиқларни санаб ўтдилар.

Анталияда бўлиб ўтган Дипломатик форум доирасидаги панел муҳокамасида Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ЕХҲТ Минск гуруҳини тугатиш ва Арманистон Конституциясига ўзгартиришлар киритилиши масалаларини тинчлик шартномасига энг асосий тўсиқлар сифатида кўрсатди. Унга кўра, айнан шу масалаларни ҳал этиш келишувни имзолаш учун реал имконият яратиши мумкин.

Шунингдек, Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзояннинг таъкидлашича, бугунги куннинг асосий вазифаси — тинчлик битими қачон ва қаерда имзоланишини белгилашдир. У буни Арманистон ва Озарбайжон ўртасида муносабатлар ўрнатишнинг дастлабки босқичи сифатида баҳолади.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар