Бугун, 27 май куни Жиззах вилоятининг Зомин туманига сел келиши оқибатида автомобиль йўлининг бир қисми қум-тош массалари билан ёпилиб қолди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Зомин туманининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида сой (сел йўллари)лардан ёмғир сувларининг тўпланиб оқиши кузатилган. Сел сувлари келиши оқибатида “Дуоба” МФЙ, Қоронғусой қишлоғи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг бир қисми қум-тош массалари билан ёпилиб қолган. Оқибатда ушбу автомобиль йўлида транспорт воситаларининг қатнови вақтинчалик тўхтатилган.
Вазирликка кўра, фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва чорва молларига зарар етмаган. Айни пайтда махсус муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.