АсосийЖамият

Президент БМТ Болалар жамғармаси ижрочи директорини қабул қилди

ЮНИСЕФ кўмагида мамлакатимизда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонун, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва болалар онкологиясига қарши курашиш соҳасида стратегик ҳужжатлар қабул қилинган.

'Президент БМТ Болалар жамғармаси ижрочи директорини қабул қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ижрочи директори Кэтрин Расселни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд ўтилишича, БМТ тизимидаги ушбу етакчи ихтисослашган институт билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда юксак даражага чиққани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ташкилот кўмагида мамлакатимизда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонун, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва болалар онкологиясига қарши курашиш соҳасида стратегик ҳужжатлар қабул қилинди. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцинация тизимини ривожлантиришга кўмаклашилди.

Қонунчиликни такомиллаштириш, болаларни парвариш қилиш ва қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, ижтимоий хизмат ва кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, миллий стандартларни ишлаб чиқиш, ижтимоий суғуртани кенгайтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш ва бошқа устувор йўналишларда қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

2030 йилгача мўлжалланган янги Мамлакат дастурини қабул қилиш, шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини илгари суриш масалалари бўйича қатор халқаро тадбирларни биргаликда ўтказишга келишиб олинди.

    Бошқа янгиликлар