Тергов маълумотларига кўра, Россия ва Қозоғистондан мамлакатга рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамиятлар номига юборилган юклар икки дона “ГАЗ” русумли юк машинасида Тошкент вилоятидаги “Яллама” чегара-бошқона постига “қизил йўлак” орқали кириб келган. Уларга божхона назорати остида тўлиқ текширув ўтказилиши лозим бўлган.
Аммо хизмат вазифасини тўлиқ бажармаган божхона инспектори машиналарни йўлда назоратсиз қолдириб, уларнинг бошқа манзилга ҳаракатланишига шароит яратган.
Дори воситалари яширинча уйбоп жойга туширилган
Бундай ҳолатдан фойдаланган ҳайдовчилар йўналишни ўзгартириб, Юқори Чирчиқ туманидаги 1966 йилда туғилган фуқаронинг хонадонига бориб, юкларни айнан шу ерда тушириб кетган. Улар дориларни машина божхона муҳри бузилмаган ҳолда уйга олиб тушган.
52 мингдан ортиқ дорилар орасида “Актовегин” ва “Клексан” ҳам бор
Яширинча олиб кирилган дори воситалари китоб, кийим-кечак ва аксессуарлар орасига яширилган бўлиб, жами 214 номдаги, 52 459 дона дориларни ташкил этган. Улар орасида “Актовегин”, “Клексан”, “Ремаксол” каби муҳим препаратлар мавжуд. Ушбу дориларнинг умумий қиймати 5 миллиард 353 миллион сўмга тенг.
Қозоғистон фуқароси 2000 доллар таклиф қилган
Терговга қадар аниқланган ҳолатларга кўра, ҳозирда шахси аниқланаётган Қозоғистон фуқароси ушбу дориларни чегарадан ўтказиб бериш эвазига ҳайдовчиларга 2000 АҚШ доллари ваъда қилган.
Жиноят иши қўзғатилди, божхона ходимининг ҳаракати ҳам текширилмоқда
Ҳозирда юк машиналари ҳайдовчилари ҳамда дориларни қабул қилган фуқаро устидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди (контрабанда) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, божхона инспекторининг хизмат вазифасини бажармаслиги натижасида содир бўлган ушбу ҳолат юзасидан ҳам тергов доирасида алоҳида ҳуқуқий баҳо берилиши белгиланган.