АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан ядровий келишув яқин эканини маълум қилиб, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Эрон ядровий объектларига ҳужум қилмасликни тавсия қилганини айтди. Трампнинг таъкидлашича, музокаралар самарали кечмоқда ва яқин ҳафталарда келишувга эришиш мумкин.
Трампнинг бу баёноти Эроннинг уран бойитишни вақтинча тўхтатиш ва музлатилган маблағларнинг ечилиши эвазига АҚШ томонидан ядровий ҳуқуқларининг тан олиниши ҳақидаги таклифлари фонида янгради. Эрон музокараларда уран бойитишни тўлиқ тўхтатиш ёки ядровий инфратузилмасини демонтаж қилишни рад этмоқда.
Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф бошчилигидаги АҚШ делегацияси Эрон билан музокараларни олиб бормоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббас Арагчи эса музокараларда АҚШ инспекторларига ядровий объектларга кириш ҳуқуқи беришга тайёр эканини билдирган.
Исроил расмийлари Трампнинг Эрон билан келишуви уларнинг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлаб, агар Эрон уран бойитишни тўхтатмаса, мустақил равишда ҳарбий чоралар кўришлари мумкинлигини билдиришмоқда.
Трампнинг Эрон билан янги келишувга интилиши унинг 2018 йилда Обама давридаги ядровий келишувдан чиқиш қароридан фарқли ўлароқ, дипломатик ечимларга қайтишга ҳаракатини кўрсатади.
Абдуллоҳ Саййид