Европа Иттифоқи Қора денгизда денгиз хавфсизлиги марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу лойиҳа ЕИ тамонидан тақдим этилган “Қора денгиз стратегияси” доирасида амалга оширилади.
ЕИ ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас Брюсселда таъкидлаганидек, марказнинг асосий вазифаси — минтақадаги инфратузилма ва кемалар ҳаракатини реал вақт режимида, космос ва денгиз тубидан кузатишдир.
Марказнинг жойлашуви, иштирокчи давлатлар ва молиялаштириш манбалари ҳозирча очиқланмаган. Калласга кўра, бу марказ Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш жараёнини ҳам кузатишда иштирок этиши мумкин.
Янги стратегия доирасида ЕИ ҳарбий ҳаракатланишни енгиллаштирувчи инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, Украина, Молдова, Грузия, Арманистон, Озарбайжон ва Туркия билан ҳамкорликни кучайтиришни ҳам кўзламоқда.