АсосийЖамият

Фарғонада 8 млрд сўмлик сифатсиз дори сақлаётганлар қўлга тушди

Шунингдек, 400 млн сўмлик тиббиёт жиҳозларининг савдоси тўхтатиб қолинди.

'Фарғонада 8 млрд сўмлик сифатсиз дори сақлаётганлар қўлга тушди'ning rasmi

Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона шаҳрида яшовчи 1986 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Nexia-3 русумли автотранспорт воситаси Бағдод тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилган. Натижада автомашина салонида 8 турдаги 413 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги аниқланган.

Шунингдек, Бағдод туманида жойлашган ва мазкур фуқарога тегишли бўлган 2 та омбор кўздан кечирилганда сифат сертификатига эга бўлмаган жами 60 турдаги 100 минг 332 дона дори воситалари ноқонуний сақланаётгани аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. 

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Фарғона шаҳрида жойлашган омбордан эса ноқонуний сақланаётган 39 турдаги 16 минг 897 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. 

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида дастлабки умумий қиймати жами 8 миллиард 1 миллион 429 минг сўмлик 117 минг 642 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари вақтинча сақловга олинган. 

Бу йўналишдаги тадбирлар давом эттирилиб, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқарога тегишли 3 та яширин омборда Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган, умумий қиймати 400 млн сўмлик 15 турдаги катетер игна, жгут, электрон термометр, тонометр каби жами 30 минг дона тиббиёт жиҳозлари сақланаётгани аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Айтилишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

    Бошқа янгиликлар