“Озодлик флотилияси” таркибига кирувчи ушбу кемада ўн нафар атрофида кўнгиллилар, жумладан, машҳур экологик фаоллардан бири Грета Тунберг ҳамда Европарламент депутати Рима Ҳассан ҳам бор.
“Италия жамияти бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда. Биз Ғазодаги оғир гуманитар вазият ҳақида овозимизни янада баландроқ эшиттиришга ҳаракат қиляпмиз”, — дейди AFP агентлигига италиялик сиёсатчи Марко Грималди.
“Мадлин” кемасида мева шарбатлари, сут, гуруч, консерва маҳсулотлари ҳамда оқсилга бой батончиклар Ғазога етказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, “Озодлик флотилияси” ноҳукумат ташкилоти 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш билан шуғулланади.
2 май куни флотилиянинг яна бир кемаси Ғазога йўл олиш арафасида, Малта соҳиллари яқинида дронлар ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида кеманинг бурун қисмида ёнғин чиққан, бироқ у тезда ўчирилган.
Ташкилотчилар бу ҳужумда Исроилни айблаган, бироқ Исроил расмийлари ушбу ҳодиса юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.