АсосийЖиноят

Фарғонада банк ва ҳоким ёрдамчилари иштирокидаги фирибгарлик фош этилди

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Фарғонада банк ва ҳоким ёрдамчилари иштирокидаги фирибгарлик фош этилди'ning rasmi

Халқ банкининг Фарғонадаги ходимлари ва икки нафар ҳоким ёрдамчиси бошқа фуқаролар номига сохта ҳужжатлар асосида 153 млн сўмлик кредит ажратиб, пулни талон-торож қилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Халқ банки Ўзбекистон банк хизматлари марказида ишловчи маҳалла банкири ва ушбу марказ бошқарувчиси ўринбосарининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.

Аниқланишича, улар олдиндан тил бириктириб, 2 нафар фуқаро номига 66 миллион сўм кредит ажратиб бериш эвазига 10 миллион сўм пора талаб қилган. Маҳалла банкири сўралган пулни олаётган вақтда ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, у илгарироқ 600 минг сўм, бошқарувчи ўринбосари эса 920 минг сўм олганлиги ҳам маълум бўлди.

Шунингдек, банк маркази мансабдор шахслари, Ўзбекистон туманидаги икки нафар ҳоким ёрдамчиси ва биргина МЧЖ раҳбари билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар орқали бошқа фуқаролар номига жами 153 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишига эришгани аниқланган. Ажратилган маблағлар нақдлаштирилиб, талон-торож қилинган.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эътиборлиси, марказ бошқарувчиси ўринбосари бунгача 2000 ва 2015 йилларда ҳам фирибгарлик ва пора олиш моддаси билан судланган бўлса-да, ўз хатоларидан хулоса чиқармаган.

    Бошқа янгиликлар