Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаш босқичининг ҳал қилувчи ўйинларидан бирини Абу-Дабида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши ўтказади. Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида фан-клуб аъзолари билан биргаликда 5 минг нафар Ўзбекистон фуқаросини томошабин сифатида БААга олиб бориш бўйича кенг тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур вазият фонида Тошкент шаҳар туризм бошқармаси шаҳарда туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига шу кунларда турпакетлар орқали туристларни БААга юбормаслик чораларини кўришни тавсия қилди.
Гап шундаки, БААнинг “Ал Ваҳда” футбол жамоаси уй ўйингоҳи (“Ол-Наҳаён”) 12 минг томошабин сиғимига эга, Осиё футбол конфедерацияси қоидаларига кўра мезбон томондан меҳмон томоннинг томошабинлари учун сиғимнинг 8 %ини (960 нафар) ажратиш мажбуриятини олади. Спорт соҳасига ихтисослашган йирик блогерлар томонидан эса ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида фан-клуб аъзолари билан биргаликда 5 минг нафар Ўзбекистон фуқаросини томошабин сифатида Амирликларга олиб кетиш бўйича кенг тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса ўзбекистонлик мухлисларнинг ўйингоҳга сиғмаслик эҳтимоли юқори эканини ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини англатади.
Шу муносабат билан, БАА аэропортларида хавфсизлик идоралари томонидан Ўзбекистон фуқароларининг қайтариб юборишга асос сифатида тахмин қилинаётганлигини инобатга олиб, ушбу кунлари БААга турпакетлар орқали туристларни юбормаслик чораларини кўриш тавсия этилган.