Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурханов Ўзбекистон фуқаролари БАА аэропортларида ушлаб турилгани юзасидан изоҳ берди.
Унга кўра, вазирлик БААдаги турли аэропортлар орқали мамлакат ҳудудига кириб келаётган хорижликларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг текширувлари чўзилиб кетаётгани бўйича ҳолатларни алоҳида мониторинг қилиб бормоқда.
"Айни пайтда фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг Абу Даби шаҳридаги элчихонаси ҳамда Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси БААнинг тегишли ташкилотлари билан ушбу масалада зудлик билан музокаралар ўтказди ва вазиятни яхшилаш бўйича доимий алоқада бўлиб турмоқда", — дейилади баёнотда.
Вазирлик вакилининг маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини тезлик билан текширувдан ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган ва натижада улар мамлакат ҳудудига кириб келишни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент — Шаржа рейси билан Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги ўйинни томоша қилиш учун БААга келган 100 дан ошиқ ўзбекистонликлар 5 соатдан ортиқ вақт давомида Шаржа аэропортида ушлаб турилгани ҳақида хабар тарқалганди.