Ўзбекистон ҳар бир доллар давлат қарзини синчковлик ва аниқ мақсадлар асосида олмоқда. Бу ҳақда бугун, 3 июнь куни ўтказилган парламент қуйи палатаси йиғилишида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълумот берди.
“Қарз олиш муаммоли масала эмас”
Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, давлат ўз вазифаларини бажаришда қарзга эҳтиёж сезмоқда.
“Ўсиб келаётган иқтисодиётимиз кўп маблағга муҳтож. Давлат вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатлар бор. Масалан, инфратузилмани ривожлантириш, яъни йўл, ичимлик суви, энергетика тармоқлари ва бошқалар. Қолаверса, мамлакат мудофаа қобилияти ва чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ҳам харажатларни талаб қилади. Бунда давлат харажатларининг маълум бир қисмини ташқи қарз ҳисобига молиялаштириш тақозо этилади. Шу билан бирга, уй-жой дастури бор. Бугун мамлакатнинг барча ҳудудларида, жумладан энг чекка туманларда ҳам кўп қаватли уйлар қуриляпти. Уларни тадбиркорлар қурмоқда. Одамлар ипотека кредити олиб, ўша уйлардан харид қиляпти. Кредит узоқ муддатга берилади. Албатта, банкларни маблағ билан таъминлаш учун ҳам узоқ муддатли қарз маблағлари чет элдан олиб келинади. Бу ҳам ташқи қарз олишимиз билан боғлиқ масала”, деди вазир.
Жамшид Қўчқоров сўзи давомида жорий йил 1 апрелда Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 42,4 млрд долларга етганини айтди.
Вазирга кўра, давлат қарзининг 35,6 млрд доллари ташқи, 6,9 млрд доллари ички манбалардан олинган.
“Давлат қарзининг жами миқдори 2025 йил учун кутилаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 33,5 фоизни ташкил этади. Давлат қарзига доир қонунда қарз миқдори ЯИМнинг 60 фоизидан оширилмаслиги белгиланган. Раҳбарият томонидан ҳар бир доллар қарз олишга ниҳоятда синчковлик билан қаралади. Ҳар бир доллар нима учун, қайси мақсадларга олинаётгани катта текширувдан ўтказилади. Ялпи ички маҳсулот ўсиб, даромадлар кўпаяётгани, ҳудудлар обод бўлаётганида харажатларнинг маълум қисми ташқи қарздан қопланади. Бунинг уятли жойи йўқ. Муаммоли ҳоли ҳам йўқ. Қарз ошди деб гапирадиган одам Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти бугунги кунда 115 млрд долларга етганини ҳам айтиб ўтиш керак”, дея фикр билдирди бош вазир ўринбосари.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 2025 йил январь–март ойларида Ўзбекистон давлат қарзи 2,2 млрд долларга кўпайган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, давлат ташқи қарзининг 19,3 млрд доллари ёки 54 фоизини халқаро молия институтлари берган. Бунда энг йирик кредиторлар Жаҳон банки (7,74 млрд доллар) ва Осиё тараққиёт банки (7,44 млрд доллар) бўлган.
Республикага хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари жами 10,6 млрд доллар кредит ажратган (умумий сумманинг 30 фоизи). Бунда энг йирик қарздорлик Хитой тараққиёт давлат банки ҳамда Хитой Эксимбанкидан (3,6 млрд доллар) юзага келган. Шу билан бирга, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (3,1 млрд доллар) нисбатан катта миқдорда кредитлар йўналтирган.
Хорижий инвесторлар эса 5,66 млрд долларлик халқаро облигацияларни сотиб олиш орқали мамлакатга қарз берган.
Ҳисоботда қайд этилишича, давлат ташқи қарзининг 16,8 млрд доллар (47 фоизи) бюджетни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилган. Шунингдек, кредит маблағлари қуйидаги тармоқларга нисбатан кўпроқ сарфланган:
- қишлоқ ва сув хўжалиги 6 млрд доллар;
- ёқилғи-энергетика саноати 5,9 млрд доллар;
- электроэнергетика 3,9 млрд доллар;
- уй-жой коммунал хўжалиги 2,9 млрд доллар;
- транспорт ва транспорт инфратузилмаси 2,8 млрд доллар;
- соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот ва коммуникация технологиялари ҳамда бошқа соҳалар 2,5 млрд доллар;
- нефть ва газ 1,7 млрд доллар.
Умумий олганда, энг йирик қарз маблағлари ёқилғи-энергетика тармоқларига сарфланаётганини кўриш мумкин.